ГАВҲАР ЗОКИРОВА

Исми-шарифи: Гавҳар Зокирова
Туғилган санаси: 1949 йил 10 сентябр
Туғилган жойи: Тошкент вилояти, Тўйтепа шаҳри
Маълумоти: Тошкент санъат олийгохининг
Иш жойи: Ўзбек Миллий Академик драма театри
Турмуш ўртоғи: Жамшид Зокиров, актёр
Фарзандлари: Жавоҳир Зокиров, актёр
Оҳиста Эсонова, бадиий галерея ходими

Истеъдодли актриса. Севимли рафиқа. Суюкли она. Устига-устак гўзал ва ёқимли. Яна муомалали. Наҳотки буларнинг бари бир аёлда мужассам бўлолса?…

Ҳеч ақлимга сиғдиролмаяпман. Рўпарамдаги калта сочли, спорт майкадаги  аёлнинг тиззасида ўтирган бўғирсоқ…унинг набираси – Майсарахон.

-         Ширинлигини қаранг!

Гавҳар опанинг кўзлари ёняпти. Ёнларида эса қизлари Оҳиста ўтирибди. Сал нарироқда Жамшид ака ўзларига-ўзлари бир нимани ҳиргойи қилиб юрибдилар. Тўққиз қаватли бинонинг тўртинчи қаватидаги кенггина уйда эр-хотин туришади. Ўғиллари Москва кинооламини забт этгани кетган. Тез-тез қўнғироқ қилиб туради. Қизлари эса гоҳи-гоҳида меҳмон бўлиб келади. Бунақа кунлари оилада байрам. Ахир оила маликаси – ягона набира-да!

Томошабинлар учун Гавҳар Зокирова авваламбор яхши оила бекаси, таниқли актёр рафиқаси, машҳур сулола вакили, сўнгра эса яхши актриса сифатида гавдаланади. Бундай вазият Сизни қониқтирадими?

Аслида фамилия жудаям мураккаб масала. Фамилиямизни эшитибоқ, одамлар бизга бошқача назар билан қарашади. Баъзилар, «ҳа, Зокировлардан бўлсанг, қани нима каромат кўрсатаркансан?» дейди. Бизлар «Жамшид Зокиров ва Гавҳар Зокирова» бўлиб танилишимиз учун анча вақт керак бўлди. Биз анча кеч - 40 ёшларга танилиб, машҳурлик мевасини кеч тотидик.

Очиғини айтганда, «Гавҳар Зокирова» эмас, балки «Жамшид ва Гавҳар Зокировлар» деб ўйлашлари учун биз анчагина ҳаракат килдик. Мени бундай вазият кониқтиради. Мен хурсанд бўламан. Ҳаттоки мени улар билан биргаликда бирор жойга чақиришларини истайман. Биласизми, бунга анча вақт интилдик. Қайсидир бир маънода – бу  имиджимизнинг бир қисми. Бизда ҳозир шунақа-ки, Жамшид акамни кўришса, мени сўрашади, агарда мени кўришса, албатта Жамшид акамни сўрашади. Менга бу нарса жудаям ёқади, мени кониқтиради.

Албатта мен ўз ишимни жуда-жуда яхши кўраман, актриса сифатида ўзимни намоён этишга интиламан, аммо оилавий хотиржамлик ва тинчлик ҳам мен учун жуда муҳим. Бу нарсани азал-азалдан истаб келардим. Агар оилам тинч бўлса, колган ишларим ҳам албатта яхши ва омадли кечади. Ундан ташқари, биз каби бир-бирини тушунадиган инсонлар камдан-кам учрайди. Ва бизни танилишимизга сабаб - бир эмас, икковлон бўлганимиз. Биргаликда, тандемда, ўйнашимиз бизга муваффақият келтирди.

Нима қилишимдан қатъий назар, менинг илк танқидчиларим – бу менинг турмуш ўртоғим ва фарзандларим.

Юқоридаги саволга берилган жавобнинг бош қаҳрамони – турмуш ўртоғингиз бўлиб қолдилар, шекилли?

(кулади)  Йўқ, нега энди? Ўзимни ҳам анча гапирдим. Бизни алоҳида спектақлларимиз ҳам бор. Масалан, ўзимнинг спектаклларимдан «Бир қадам йўл»да ўта драматик ролни мазза қилиб ўйнадим. Жамшид акамда эса…(кулади), қаранг, ростданам  ўзим сезмаган ҳолда уларга ўтиб кетаверарканман.  

Биласизми, Жамшид акамни ажойиб бир хусусиятлари бор. Улар ҳали-ҳануз мени саҳнада кулдириб юборишлари мумкин. Мана, яқиндагина «Эргинамнинг орзуси»да саҳнанинг ўзида туриб шунақаям ҳаҳолаб кулиб юбордимки… «Хотин деган ҳадеб уйни ялаб-юлқагандан кўра, бир марта бўлса ҳам эрни ялаб-юлқаса асакаси кетармиди?» деган сўзлари бор. «Эрни» деган жойларида ўша содда ўзбек аёлининг нигоҳи билан    томошабинга қарашим керак. Шу нигоҳ ташлашимни ўзидаёк залда кулги кетди. Гарчи сценарий бўйича бўлмаса ҳам, кулги пайтида сёкин ёнларига бордим. Улар орқага тисарилдилар. Мен яна яқинлашдим, улар яна тисарилдилар. Яна яқинлашганимда эса, улар: «ҳозир йиғлавораман! Нима, яламоқчимисан мени?» деганларини ўзида, чидолмай ҳаҳолаб кулиб юбордим (кулади). Энди тасаввур қилинг, бунақа импровизацияга залда қанақа кулги кетди.

Масалан, бошқа актёр билан мен бунақа бемалол ўйнай олмасдим. Устига-устак, ушбу спектаклнинг сўнггида: «Аёллар! Эрларингизни асранг!» деган сўзларимни залда ўтирган аёллар табиий қабул қилишади. Ахир биз эр-хотин эканлигимизни томошабинлар билишади-ку ва бизга нисбатан уларда қандайдир ишонч туғилади.     

Ўша спектаклни ўзида Ботир Зокировнинг «Араб тангоси»га рақсга тушамиз  ва,  назаримда, қандайдир бир уйғунлик пайдо бўлади. Гўёки Зокировлар бир ерга йиғилгандай. Шундай дамларда  мен Зокировлар сулоласига даҳлдор эканлигимдан янада ғурурланиб кетаман.

Фақатгина икки актёр иштирок этадиган спектаклларингизнинг ҳар бири муваффақиятли чиқмоқда. Ушбу йўналишдаги ижодни яна  давом эттирасизми?

Яна ғоялар бор. Бир пьесани режиссёримизга олиб бориб бердим. Ўзи бу пьесани «тишимни ковагида сақлаб юрган эдим» (кулади). Билмадим, жавоби қандай бўлади, аммо анча вақт мобайнида шу асарни «асраб-авайлаб» келаётувдим. Аммо нима ҳақида эканлигини ҳозирча айтолмайман.

Агар қилиниб ўтилган ишларга яна бир нигоҳ ташлайдиган бўлсак, асли «Эргинамнинг орзуси» спектакли бир итальян пьесаси асосида ёзилган эди. Биласизми, даставвал «бу спектакл сексуал мавзудаги спектакл бўлади» деб ҳазиллашишган эди (кулади). Аммо «Эргинамнинг орзуси» ўзбеконалаштирилди ва мутлақо бошқача тус олди. Замонага яраша спектаклга ашула ва рақсларни киритдик. Биласизми, бу комедияни одамлар бошқача қабул қилишади. Биз ҳам тўхтамасдан бир соату йигирма дақиқа ўйнаймиз. Бу анча мураккаб ва жисмонан қийин. Тасаввур қилинг, фақат биз икковимиз ва ҳеч қандай антрактсиз…Лекин барибир, бундай йўналишда ҳаракат қилишни давом эттирмоқчимиз. Дарвоқе, ҳозир яна бир спектаклда икковимиз ўйнаяпмиз. Пуаре асари  асосида «Алдагани хотин яхши» спектаклида ҳам эр-хотинни ўйнаймиз. Воқеа ривожи бўйича эр ўзининг хотинини самолетга ўтқизиб қўяди-да, уйига ёшгина қизни олиб келади. Эри бошқасига ўралашиб колганини сезган аёл, гўёки йўлга чикади-ю, кутилмаганда уйига қайтиб келади. Ана шундан кейинги вазиятни саҳнада ўйнаймиз.

(табассум билан)  Мен Жамшид акамга кўп айтаман: «Биз ҳаётда содир бўладиган вазиятларнинг аксарини саҳнада ўйнаганимиз – бизга анча ёрдам берса керак».

Актёрнинг тилини чархлайдиган ва маҳоратини оширадиган дубляжда фақатгина маълум бир актёрлар иштирок этади, аксарияти эса ушбу жараёндан четда қолиб кетган. Сўнггилар қаторига Сиз ҳам кирасиз. Нимага?

(ним табассум билан) Билмадим. Уларда маълум бир қонун-қоидалар мавжуд. Улар билан маълум бир актёрлар ишлайди, балки дарров илғаб оладиган актёрлардир?

    Аввалари биз ҳам дубляжда қатнашардик, бу ишни бажаришни биламиз. Ҳозирги ёш актёрларнинг кўпчилиги, афсус, бундай имкониятдан маҳрумдирлар. Аслида, дубляж – ўта мураккаб жараён. Ҳозирги нарса дубляж эмас, «озвучка» ёки «тонировка» дейилади. Бу дубляж эмас, «кадр ортидан овоз бериш» ҳисобланади. Дубляж деб бошқа нарсани айтишади. Дубляж дегани – бу ўша ўйнаган актёр билан бап-баравар ўйнайсиз. Баъзан шундай ҳам бўладики, ўша ўйнаган актёрдан яхши дубляж қиласиз. Масалан, «Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради» филмининг  рус варианти яхши қилинган, аммо ўзбек тилидаги дубляжи жуда зўр чиққан! Ўша Ҳамза Умаров, Обид Юнусовлар билан биз ҳам микрофон олдида ишлаганмиз. Улардан, бошқалардан кўп нарсаларни ўрганганмиз.

Ҳозир дубляж йўқ бўлиб кетди…ора-чорада бир-икки марта бордик…(чуқур ўйланиб), биласизми, ҳозиргилар осон йўлни танлаган. Тайёр актёр билан қийналмайди, ўша актёр шариллатиб ўқиб кетаверади. Билмадим. Лекин бу борада мутлақо сиқилмайман. Мен бошқа йўналишда ўз имкониятларимни синамоқдаман. Ва ушбу йўналиш мен учун таниш, яқин ва ёқимли. Дарвоқе, FM радиоларда бошлаган фаолиятим ҳам яхшигина давом этмоқда. Ҳаммаси «Орият-Доно»даги «Тақдир» эшиттиришидан бошланган эди.  Ҳали-ҳануз менга шу эшиттиришни эслатишади. Ўзим ҳам мазза қилиб ўқирдим! Ҳозир эса ҳар сешанба куни «Наврўз» радиосида «Тонгги меҳмон» эшиттиришим бор. Худо ҳоҳласа, яна бир янги лойиҳани бошлаб қўйдик, чиқиши  керак.     

Дубляж масаласига қайтадиган бўлсак, «вой мени чақиришмаяпти, энди нима қиламан?» деб сиқилиб ўтиришим кулгили бўларди. Ахир қиладиган ишларим жудаям кўп-ку! Умуман олганда, ишни ўзимга доимо топиб оламан. «Чақирмаяпти» дея, қўл қовуштириб  ўтирмайман.

Ўз қаҳрамони образига кириш учун кўпчилик актёрлар ўша қаҳрамоннинг ҳаёти билан яшаб кўришга уринишади. Сизда ҳам шундай бўладими?

Тўғри, бундай нарса бор, бу - «образга кириш» дегани. Қандайдир ишларни қилиб юрасан, нималарнидир гапирасан, ейсан, ичасан…ҳаёлингда эса ўйнашинг керак бўлган рол. Ўша ўйнашингиз лозим бўлган қаҳрамонингиз қандай ҳатти-ҳаракатлар қилган бўларди, деб бош қотирасиз. Бу – изланишга ўҳшаш жараён. Масалан, «Эргинамнинг орзуси»да содда бир аёлни ўйнаш учун кўп кузатишимга тўғри келди. Кузатувлар натижасида энг маъқулини танлаб оласизда, ўйнайсиз. Дарвоқе, бир образни қайта-қайта ўйнаганингиз сари, образингиз табиийроқ чиқаверади. Биринчи ва юзинчи спектакллар ўртасида ер билан осмончалик фарк бўлади. Чунки ўйнаган ролингиз чархланиб бораверади. Образда қўшимча жиҳатлар пайдо бўлаверади.   

Агарда қаҳрамонингиз жинни бўлса, жиннихонага борармидингиз ёки дейлик,  учувчи бўлганда, самога кўтарилган бўлармидингиз?

Йўқ, бунақа ролларни ўзи бўлмаганди. Жиннини ўҳшатиш учун жиннихонага бориш имкони ҳали туғилмади (кулади). Аммо образга кириш учун бу ишни қилар эдим. Масалан, «Шайтанат»даги ролимда қамоқхонага боришим керак эди. Ўша ерга бориб, муҳит  ва шароитни кўриб, эри ноҳақ қамалган бечора аёлнинг ҳолатини тушуниб етдим. Ўша «шарақа-шуруқ» очиладиган темир эшикларнинг ўзи керакли ҳолатга келтириб қўйди мени.   Аянч, ўкинч, алам, изтироб - барчаси шу қадар тушунарли бўлиб қолди-ки. Қизиғи, съемкадан сўнг  қамоқхонада ишлайдиганлар: «Биз бу ерда ҳар куни ишлаганимиз учун, бизга ҳаммаси оддий бўлиб кетган. Аммо саҳналарингни кўриб,  роса йиғладик. Бизга ёмон таъсир қилди» дейишди.

Агар керак бўлса, учувчиликни ҳам уддалашга киришардим. Ахир кино театрга нисбатан анча реалистик, кинодаги йирик планлар сабабли алдаш қийин, ҳамма нарсани ҳақикий қилиб бажариш керак. Умуман бизни касбимизда алдаб бўлмайди. Алдаганингиз, яъни сохта ўйнаганингиз дарҳол сезилади.

    Диний ақидаларга кўра, образга кириш, бировнинг ҳаёти билан яшаш – банданинг қилган катта гуноҳларидан бири экан. Бу масалага доир шахсий фикрингизни билса бўладими?

Шундайлигини биламан (узоқ вақт ўйланиб)… аммо мен бундан бошқа ҳеч нарсани қилолмайман. Бу менинг ноним ва қўлимдан бошқа иш келмайди. Бу ишни севаман, ундан завқланаман.

Бу бизнинг ҳаётимиз ва бу, менимча, ажойиб ҳаёт. Биласизми, театр дегани – «ҳозир ва шу ернинг ўзида» дегани. Бугун биз бормиз, ишлаяпмиз, эртага эса бошқалар бўлади. Бу ҳаёт қонуни ва уни ўзгартириб бўлмайди. Кераклигингни ҳис этиш – жудаям ёқимли нарса.  Инсонларга хурсандчиликни улашиш - бу ажойибдир. Ўша бир-икки соатга ўз ташвишларини унутадиган томошабиннинг ишончини оқлагинг келади. Бу ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайдиган бахт!

Психологик жиҳатдан актёр турли вазиятларга тайёр туриши керак. Агарда омма ёнида кўнгилсиз воқеа содир бўлса, ундан «ўйнаб» чиқиб кета оласизми?

Билмадим. Вазиятга боғлиқ. Атрофдаги одамларга боғлиқ. Вазиятдан «ўйнаб» чиқиб кетолмасам керак, бор-йўғи вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қилардим. 

Парадокс, кўпчилик «э, бу артис-ку, ҳаётдаям ўйнайди» дейишади.  Аммо ҳаётда мен мутлақо ўйнолмайман. Масалан, кимнидир алдаш керак бўлса, дарҳол каловланиб қоламан…алдоймайман. «Ие, ахир сиз актёрсиз-ку, образга кира оласиз-ку!» деганларга эса, ҳаётда умуман ўйнолмаслигимни айтаман. Тўғри шуни ўзини саҳнада қила оламан, аммо реал ҳаётда…ҳаётда қанақадир тўғриман. Бу нарса мени кўпинча қийнайди, айрим вақтларда ҳаттоки ҳалақит беради. Ким билади, балки саҳнада бор кучимни сарфлаганим учун, ҳаётда ўзлигимни сақлаб колишга интилардирман? Оддий одам бўлгим келади.

    Яна бир психологик вазият. Тасаввур этинг, бугун театрда Сизнинг премьерангиз, аммо аксига олиб турмуш ўртоғингиз айни шу куни бетоб бўлиб қолдилар ва устига-устак айни шу оқшом фарзандингиз шифохонага ётди. Бу вазиятдан чиқиб кетиш йўли Сиз учун  қандай бўларди?

Вой, Худо кўрсатмасин!

Лекин вазиятдан чиқиб кетардим. Ўтириб олиб, «энди нима қиламан» деб йиғламас эдим. Худони ўзи куч беради. Жудаям оғир вазиятларда шундай бўлган, қаердандир куч-қувват пайдо бўлган. Шунақа даврлар ҳам бўлган-ки, театрда кетма-кет учта мавсум  биттаям рол ўйнамаганман. Умуман рол беришмаган. Шу вақтда Худоимни ўзи қаердандир етказди. Телевидениеда уч йил «Мультипанорама»ни олиб борган даврим, айни ўша театрдаги «жим-житлик» палласи эди. Дарвоқе, худди ўша вақтнинг ўзида «Бир актёр театрини» ҳам телевидениега олиб чиққанман. Ўзимча Ҳамид Ғуломнинг  асари асосида, матнларни ёдлаб, бир соатлик нарсани тайерлаганман.

Ўша дамларда оилам менга катта куч-қувват ва мадад берганди. Жамшид акам билан икковимиз бир-биримизни юпатиб: «Худога шукр оиламиз, болаларимиз, тинчлигимиз бор» дердик.

                 

Назира Иноятова


Бош саҳифа   |    E-Mail   |    Янгиликларга обуна   |    Қидирув   |    Юлдузларимиз муҳокамаси   |    Аналитик мақолалар

UzLand саҳифасидан материалларни ишлатиш ёки кўчириб олиш учун махсус рухсат олишингиз керак.
Copyrights © 1998-2005 UzLand. Uzbekistan Information Directory - UzLand.
All Rights Reserved. E-mail: info@uzland.info ёки ICQ орқали боғланинг.