ФАРРУХ ЗОКИРОВ

Исми-шарифи: Фаррух Зокиров
Туғилган санаси: 1946 йил 16 апрел
Туғилган жойи: Тошкент шаҳри
Маълумоти: Тошкент давлат консерваторияси дирижерлик ва
Тошкент давлат маданият институти режиссёрлик бўлими
Иш жойи: Маданият Вазирлиги, вазир муовини
Турмуш ўртоғи: Анна Зокирова, уй бекаси
Фарзандлари: Саид Зокиров, 25 ёш, Михаил Зокиров, 20 ёш
Қўшимча маълумот: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон,
Қорақалпоғистон халқ артисти, "Дўстлик" ордени, "Шуҳрат"
медали нишондори

Ўтган йили бахтли тасодиф туфайли Фаррух Зокиров билан ишлашга муваффақ бўлдим. Бу мен учун жуда қувонарли ҳол эди, чунки ким нима дейишидан қатъий назар, Фаррух Каримовични жудаям ҳурмат қиламан. Бир йил мобайнида уларни феъл-атворлари, қизиқишлари, ёқимли ва ёқимсиз жиҳатлари, ютуқ ва камчиликлари...бари кафтдагидай таниш бўлиб қолди. Масалан, ҳозир аниқ биламан-ки, Фаррух акани кечқурун соат ўн иккигача бемалол безовта қилса бўлади, аммо кундузи соат ўн иккигача мутлақо безовта қилиб бўлмайди...ёки бирор жойга ташриф буюрсалар даставвал аччиққина қора чой сўрайдилар...ёки тунги соат бирларда қўлларига гитара олиб куй басталашни ёқтирадилар ва ҳоказо, ҳоказолар...бу инсон ҳақида кўпдан-кўп қизиқарли нарсаларни баён қилса бўлади ва битта сирни сизларга ошкора қиламан -  у жудаям...ўта...ҳаддан ошик кўнгилчан инсон.

Эркин ижодни маъсулиятли фаолиятга алмаштирдингиз. Ташкилий ишлар билан ижодкор шахснинг шуғулланиши бу табиийми?

Йўқ, бу фожеали! Ижодкор учун бу катта фожеа. Чинданам, ўз вақтинг ўзингга тегишли бўлмагани жуда ёмон, бу ишни маъсулияти ҳам катта. Аммо бошқа томондан олиб қараса, фақат ижод билан шуғулланиш қай бир маънода, эгоизмга ўҳшаш бир нарса экан.

Мана шу ерга (курсини кўрсатиб) ўтирганимдан бери доимий равишда менга ёшлар мурожаат этадиган бўлишди, "Сизга шогирд тушсам бўладими" дея. (кулимсираб) Қанийди, шундай имконим бўлса, битта студия очиб, аммо бундай имкониятим йўқ. (оҳангида ишончсизлик) Қанийди, шу овоз ёзиш студияси катта бир мактабдай бўлса, "кел, ука, ўша ерда кўришиб, машқ қиламиз" деёлсам. Тўғри, бунақа катта нарсани ташкил этиш сари бир ҳаракат қилгандим, аммо буни расмийлаштиргунимча беш-олтита умрим кетиб қолишини англадим. Ўзи қоғозбозликка тобим йўқ. Дарвоқе, ўша кўрилган катта бинода нафақат ёшлар билан шуғулланишим, балки ўзимни малакамни ҳам оширсам бўларди.

Қанийди бир мард топилса-ю, фойда кўраманми-йўқми деган мақсадни ўз олдига қўймасдан шартта кўриб берса. Ахир бизнинг ёшларимизни бошини силаш учун бу каттагина савоб иш бўларди.

Сиз бир вақтни ўзида ҳам ижодкор, ҳам амалдор шахссиз. Шу икки шахснинг қай бири ўз ҳалқига кўпроқ фойда келтириши мумкин?

Агар ижодкор сифатида фойдам кўпроқ бўлганда жуда хурсанд бўлардим. (ўйланиб) Албатта амалдор сифатида фойда келтиришим осонроқ. Бирор ўқув даргоҳига қўнғироқ қилиб, фалончи истеъдодни қараб-текшириб кўринг дейиш осон. Аммо келаётганларнинг аксари маданиятга алоқадор бўлмаган, ташвиш билан келади. Кимдир "пул беринглар", кимдир "дори топиб беринглар", кимдир "оилавий можароларни ҳал қилиб беринглар", бошқаси "фарзандларимни вояга етказишимга ёрдам беринглар" деб келади. Аваллари пул сўраганларга пул берардим, аммо бир воқеадан сўнг бермай қўйдим.

Бир куни уйимга қлида гўдак, ёнида иккита бола ва ўзи ҳомиладор бўлган аёл келди. Узундан-узоқ қилиб тарихини айтиб берди: хужайини қаергадир мардикорликка кетиб дом-дараксиз йўқолиб кетган, аёл эса уйигача етиб ололмаяпти. Хотиним билан ёрдам бермоқчи бўлдик-да, вокзалга бориб айтган манзилгача чипта сотиб олдим. Ўша пайтлари чипталар анча дефицит эди. Олиб келсам аёлни ўзи анча дуо қилди, мени кўнглим ҳам ёришди, савоб дея аёлим ҳам хурсанд бўлди.

Маълум муддат ўтгандан сўнг "Туркистон" саройида қандайдир тадбирда Обид Асомов билан гаплашиб қолдим. Гапдан-гап чиқиб ўша бўлган воқеани ҳам ёдга олдим. Шунда Обиджон кулиб, у ҳам худди шундай воқеага дуч келганини айтиб берди. Худди ўша аёл, шунча бола, худди шу гаплар, ёқа ушлаб қолдим. Ўшанда кўнглим гижил бўлди. Мана шу воқеа менга сабоқ бўлди. Шунга қарамай, ёрдам сўраётганларга пул билан эмас, балки маълум ёрдам билан мадад қилишга ҳаракат қиламан.

Ва шуни орасида, тасаввур қилинг, бирорта ёш истеъдод келиб мен хонанда бўлмоқчиман дейди. Баъзилари ўқимасдан туриб хонанда бўлгиси келади, ҳаттоки сўнгги вақт бундайлари кўпроқ бўлаяпти. Унақа эмас-да! Ахир ҳеч ким кўчадан келиб "мен опера қўшиқчиси бўлмоқчиман" ёки "балетда ўйнамоқчиман" демайди-ку! Ҳаммаси эстрада хонандаси бўламан дейди. Ёшларнинг фикрича, ўқимасдан, овоз бўлмай туриб, хонанда бўлиш мумкин. "Раскруткага" пул топилса кифоя. Ёнимга келаётган ёшларнинг аксарияти, афсус, ушбу соҳа ҳақида юзаки тасаввурга эга.

Агар Сизни илмий ишингиз "Замонавий ўзбек оммабоп қўшиқчилигининг ютуқ ва камчиликлари" мавзусида бўлса, унинг қисқача кириш сўзи қандай бўларди?

"Оммабоп қўшиқчилик" деган ибора менга бир нарсани эслатди. "Камолот" ёшлар ҳаракатидан мурожаат этишди: қанақа қилиб оммабоп қўшиқ яратиш мумкин-ки, шу қўшиқни халқимизни еттидан-етмишигача куйласа? Ахир қанақасига буни режалаштириш мумкин? Қанақасига махсус формулани ўйлаб чиқиш мумкин? Умуман мумкинмикан? Йўқ! Менинг шиорим: самимий, чин кўнгилдан ёзилган қўшиқ эртами-кечми ўз тингловчисига етиб боради. Аммо бошқа томони ҳам бор, (ўйланиб) мисол учун "Омон бўл" қўшиғи. Қандай яхши қўшиқ. У албатта тингловчининг юрагига етиб боради, тез орада шу қўшиқ оммавийлашади деб ўйлагандим. Чунки бу долзарб мавзу ва бу ташвиш ҳар биримизни бошимизда бор. Нимани нотўғри қилдим, билмадим, аммо қўшиқ оммавийлашмади. Бўлмаса ўша "Тақдир" филмида ҳам янгради, билмадим. (ўйланиб) Маъно жиҳатдан бу қўшиқ "Уч қудуқ"дан анча мукаммалроқ. Аммо айни "Уч қудуқ"ни ҳаттоки ёш болалар куйлайди. Мен қўшиқ яратаётганимда, бу ҳақида мутлақо ўйламаганман-ку! Умуман олганда бу қўшиқ хитга айланади деб ҳечам ўйламагандим. Устига-устак бир неча ўн йиллик мобайнида хит бўлиб келмоқда.

Айримлар хориждан келган мантиқсиз, саёз қўшиқлар дейди. Улар мантиқсизлигини ким аниқлади, ким ўрганиб чиқди? Бошқа томондан бутун Европа ва Россия шу "вау-вау" ёки "муси-пуси" ва "жага-жага" деган сўзлардан иборат қўшиқлардан мазза қилади. Мазза қилса, эшитаверсин. Таъкидлашни ёки эътироз билдиришни нима ҳожати бор? Кўнглига сикқанча куйласин, агар ёшларга ёқса, марҳамат. Жудаям муҳим томони шеър. Шеър саёз бўлмаса, яхши бўларди, ахир шаркда шоирнавийлик жуда юқори туради. Аммо ёшларни қандай тўхтатиш мумкин, билмадим. Аксинча, унга уқтирсанг, у тескарисини қилади. Менимча уларга ёқса, улар тинглаши, ўйнаши, севиши, мана шулар орқали ўзларининг ички ҳиссиётларини юзага чиқариши мумкин.

Камчиликларга келсак, улар албатта бор. Ҳар каёқдан оммавий ахборот воситалари орқали келаётган маълумотлар сабаб ҳозир кўпчилик туркча-арабча нола-ю, фиғонларни яратяпти. Қанақасига четдан келаётган мусиқий маҳсулотни назорат қилиш мумкин? Фақатгина бизнинг мусиқий маҳсулотимиз уларникидан сифатлироқ бўлган тақдирдагина туркча-арабчадан кўчирилган оригинал қўшиқлар ҳам йўққа чиқади.

Мисол учун: 1970-йилларда ГДР га борган сафарларимиз давомида қўшни ва рақиб ГФР дагилар ҳам бизни таний бошлаган. Ваҳоланки, у вақтда иккита Германиянинг тузуми мутлақо бошқа-бошқа эди. Бунинг сабаби нимада эди? "Ялла"нинг ўзига яраша колорити борлигида. Биз бошқаларга эмас, ўзимизга ўҳшашга интилардик. Нимагадир ҳозирги хонандалар Иброхим Татлисес ёки Тарканга ўҳшагиси келади-ю, Муножот Йўлчиева, Назира Аҳмедова, Карим Зокировга ўҳшагиси келмайди? Балки ёшлар булар ҳақида ҳеч нарса билгиси ҳам келмас? Демак-ки, бу олдимизда кўндаланг бўлиб турган муҳим масала. Жудаям катта ролни оммавий ахборот воситалари, айниқса телевидение ўйнаши керак, тижорат эмас, балки давлат телевидениеси катта аҳамият касб этади. Бу ҳақида жуда кўп гапирилади, аммо гап билан иш битиб қолмайди-да! Қандайдир механизм ўйлаб чиқилиш керак. Аваллари шўролар даврида ташвиқот кучли бўлганди-ю. Коммунистик идеологияни одамлар онгига астойдил сингдиришган-ку! Нимага уларни қўлидан келган, бизни қўлимиздан келмайди? Мустақилликка эришгандан сўнг, ўз тарихимизни англай бошлаганимиздан сўнг, нега меъросимизни билишга ёшларимиз интилмаяпти? Сабабини охиригача англаб етолмаяпман. Масалан, ҳозирги ёшларимиз астойдил Тарканга ўҳшагиси келади ва кетди, туркча-арабча-эронча-ҳиндча наволар. Ёки ёшларимиз ҳозир ёзаётган қўшиқлар кириш қисми ҳиндча, сўзлари ҳам мечали, шу инсон бошқа маданиятни бизга сингдираяпти деб уни айблаш ҳам мумкинмикан? Айблолмайсиз, чунки ўзи охиригача англаб етолмайди нима иш қилаётганини. Айримларини ҳаракати эса жудаям каттик асабга тегади, аммо нима қила оласиз? Балки мен ўзим ҳам айбдордирман?

Сизлар ҳам ижодий йўлингизни илк поғонасида бу нотўғри деган гапларни эшитгандирсиз?

Бунақаси ҳам бўлган. (ўйланиб) Йўқ, қўрқмасдан айтишим мумкин, ҳатто ғурур билан айтоламан-ки, биз доимий равишда чуқур мулоҳаза қилишга ҳаракат қилганмиз. Ва бирор нарсани қайта ишлашдан аввал уни изчиллик билан ўрганиб чиқардик. Аммо кўп танбеҳ эшитардик. Дейлик, анча обрўли бастакор Энмарк Солиховнинг "Қизбола" қўшиғига терция қилганимизда, қулоқка ўтирмаяпти, бузяпсизлар дейишганди. Ўзингиз тасдиклашингиз мумкин, мутлақо миллий наволар бўлмиш "Торим"нинг ажаб сири бор-да , сўзлар тўғри талаффуз этилган, урғулар тўғри берилган, изчиллик билан қилинган. Ҳозир эса (уф тортиб) даҳшатли даражада керак бўлмаган жойда урғулар берилади ва ўша-ўша азалий савол - бунга ёшларнинг ўзи айбдорми ёки йўқми?

Мени фикримча маъсулият бўлиш керак. Ҳозир умуман бунақа тушунча йўқ! Даставвал мусиқий интонацияни тўғрилаш даркор, чунки мусиқий драматургия тўғри бўлиши керак. Ўшанда ўзидан-ўзи сўзлар ҳам тўғри келади. Ўз йўлида махсус олий ёки ўрта маълумот бўлиш шарт. Ўзимни мисол қилиб айтадиган бўлсам, ёшлигимда эстрада-симфоник оркестрида ишлашга ҳавас қилардим. Ахир шунақаям басавлат жамоа эди. Раҳматли Ботир акам раҳбарлик қилган шу оркестр билан куйлаш мен учун орзу эди. "Ботир ака, мен ҳам шу оркестр билан бир марта айтай" деганимга қулоқ солмай "Бекорларни айтибсиз, ука! Бу оркестр билан айтишни ўзи бўладими? Ўқинг! Шу даражага етинг! Ҳа ана кейин беъмалол чиқинг" дегандилар. Авваламбор қондошлик ришталари сабаб талаб анча юқорироқ эди. Ўшанда акам "ҳа, майли, ўз укам-ку" деб ишга олиш ҳақида ҳаттоки ўйламаган. Аксинча, бошқалардан баландроқ бўлган тақдирда, укадайин эмас, истеъдод сифатида олишлари мумкин эди. Талаб икки баробар, балки ўн баробар юқорироқ эди. Айниқса эстрада йўналишида. Чунки бу шунақанги жанр эдики, энг жиддий ва анъанавий жанрлардан келиб чиққан нарса.

Абстракционист, импрессионист бўлган рассомлар аввалига классик йўналишда ишни қойил қилиб кўяди. Улар классикадан улғайиб чиқиб кетади. Қадамма-қадам. Ўзидан-ўзи портретни чизиб бўлмайди. Асос керак. Мусиқада ҳам худди шундай. Классикани мукаммал ўрганган Дебюсси янги йўналишни излай бошлайди. Катта мактабни ўтибгина, сўнгра янгилик яратиш мумкин. Оддий мисол "Ялла"да ишлаган Рустам Илёсов. Фикримча, буюк мусиқачи. У скрипка мактабини тугатган, бор классикани ўрганган. У билан қўшиқ яратишдан аввал бош қотириб ўтирардик. Фурқатнининг "Фиғонким гардиши даврон"ини қайта сайқал бериб, куйлаб чиқиш қандай маъсулият эди! Ахир бу мумтоз шеърият-ку! Худо кўрсатмасин чиройли шаклни бузиб қўйсак деган ҳадиксираш ҳам бўлган. Аммо шу билан бирга янгилик киритиш ҳоҳиши ҳам кучли бўлган. Янги сайқал, янги гармонияни яратмоқчи бўлдик. Айни шу мусиқачи, жаҳон маданий мусиқий меъросни мукаммал биладиган мусиқачи мана шундай ажойиб, бир кунлик бўлмаган наволарни яратди. Демак, даставвал маълумот, сўнгра тажриба даркор.

Яна бир шахсий мисол. Санъаткор оиласида вояга етганимиз учун тўрт-беш ёшимиздан опера ва театрдаги ҳамма спектакллардан хабаримиз бўларди. Шунга қарамай, мусиқа билим юртида ўқиганман. Гамма, интервал, интонация нималигини илмий нуқтаи-назардан ўргана бошладим. Бу бир дунё экан, бу катта бир мўъжиза! Буни билмаса, ҳаммаси бекор гап! Шу билан бирга ички дунёси, маданияти, ўқиган китоблари хонандани овозида, дардида, тембрида барибир билинади. Яна бир мисол. Бу нарса ижодимиз бошида эди. Ўша 1970-йиллари Шаҳбоз Низомутдинов билан Берлинни бир чеккасига чиқиб қолибмиз. Бир пайт иккита кампир ёнимизга келиб: "Гутен таг. Дас ист Ялла? Битте шён, автограф" деса бўладими! Лол қолганман! Қандай бахт-а! Бундан ортиқ яна нима бўлиши мумкин?!

Ўттиз беш йиллик шонли тарихга эга "Ялла" ансамбли афсонавий бўлишига қарамай, бугунга келиб, нимага шонсиз якун топаяти?

Билмадим. (узоқ уйга толиб) Мен фақат бир нарсани айтмоқчиман. (куюниб) Бу бизни эмас, бу халқимизни меъроси. "Ялла" ансамбли билан жуда бўлмаганда оммавий ахборот воситалари қизиқиши керак. Журналистларни чиқарган мақолаларига айрим вақтлари энсаларингиз котади. Аксарияти ҳеч нарсани билгиси ҳам келмайди. Ахир қанчадан-қанча архив материаллар бор. Жилдлаб китоб ёзса арзигулик. "Ялла" ансамблини эмас, ўзбек мусиқасининг тарихини ёзса бўладиган материаллар ҳалигача ёзилмаган. Ботир Зокировни ўзи нималарни қилган, бу бутун бир тарих. Отаназар Матъёқубов деган ажойиб олим ҳозир китоб ёзаяптилар. Материалга жудаям жиддий ёндашяптилар. Ҳозиргача жиддий журналистик материал берилмаган. Ҳаттоки хорижликлар анча мукаммал материал тайёрлаб кетишган, аммо ўзимизни журналистлар эса бу материалларни мутлақо ўрганиб чиқмайди. Майли билмаса, ахир билишни истамайди ҳам. Ахир мен ўзим "ҳай, барака топгурлар, ёзинглар" демайманку! Ваҳоланки бу нафақат менинг ижодим ва ютуғим, бу халқники, бу - миллий маданият. Дарвоқе, "Ялла" - нафақат миллий, балки умумиллий маданият намоёндаси.

Қанчадан-қанча машҳур қўшиқларингиз авлоддан-авлодга танилиб келмоқда. Уларни бир жойга жамлаб "Машҳур қўшиқлар тўплами"ни чиқариш ҳақидаги ҳаёллар ҳам бўлгандир?

Тўғри, бунга ҳаракат бўлганди. Дарвоқе, бу нарса махсус ўқув юртлари, мусиқа олийгохлари учун керакли ўқув дастури бўла олади. Ахир бир нима асосида талабалар ўқиш керак-ку.
Чиқариш масаласига келсак, бу жуда мураккаб жараён, аммо анча иш бажарилган эди. Қанийди бир мард топилса-ю, мени эса вақтим йўқ. Дейлик "Мажнунтол" ёки "Торимнинг сири" - улар доимо актуал бўлиб қолади.

Ўзбегимда яхши ният билан айтиладиган "юқсин" сўзи бор. Сизни истеъдодингиз кимдан юкган?

(ўйланиб) Отамдан деб ўйлайман. Бир нарсани айтишим мумкин, отам буюк шахс бўлганлар.

Худоим уларни истеъдод билан шунақаям сийлаганки, (зум утмай) онамдан ҳам бир нима ўтган. Улар ҳам истеъдодли ва талабчан эдилар. Шукр-ки, бу хусусиятларнинг бари Ботир акамга ўтган. Буни қондан ҳам ўтган деб бўлмайди. Балки оиладаги мавжуд бўлган муҳитдан. Ўша буюк шахслар билан доимий мулоқот бутун бир академияни ўрнини боса олади деб ўйлайман. Уйимизга буюк-буюк инсонлар келарди. Уларни дуосини олиш менга ҳам насиб этди. Комилжон Отаниёзов, Мукаррама Турғунбоева, Назира Ахмедова, Ҳалима Носирова ва кўплаб ўзбек ва хорижий артистлар.

Худоимга беҳисоб шукр, бир мисқол бўлса ҳам, ота-онамдан юқтирди.

Феъл-атворингиз-чи, кимникига ўҳшайди?

Феъл-атворим, (ҳавас билан) отамга ўҳшашини жуда истардим. Биласизми, санъаткорлар учун ҳа, бу артист-ку деган гап энг даҳшатли ҳисобланади. Отам билан қизиқ воқеа содир бўлганди. Бир масъул шахс, министр бўлса керак, мажлис ўтказаётган вақтда, артистларни ҳулқ-атвори ҳақида гап очди. Ўзбекчилик, андишалик ҳақида гап кетаяпти ва ўша министр: "Вот, например, народний артис Карим Закиров савсем не артис, он настаящий чалавек деса бўладими?" Ана сизга феъл-атворни баҳолаш, яна артистлар орасида.

Отам буюк артист ва буюк инсон бўлгандилар. Ва мен доимо отамга ўҳшагим келарди. Мен учун энг олий баҳо "ҳа, бу отасига ўҳшабди" дейилгани. Феъл-атвор, виждон, қалб отамникига ўҳшайди дейишса бундан ортиғи ортиқчалик қилади. Балки қай бир жиҳатлари билан онамга ҳам ўҳшагим келарди. Онам қаттиқўл ва шижоатли эдилар. Аммо, барибир, отамга ўҳшагим келади!

 

 

                    

Назира Иноятова


Бош саҳифа   |    E-Mail   |    Янгиликларга обуна   |    Қидирув   |    Юлдузларимиз муҳокамаси   |    Аналитик мақолалар

UzLand саҳифасидан материалларни ишлатиш ёки кўчириб олиш учун махсус рухсат олишингиз керак.
Copyrights © 1998-2005 UzLand. Uzbekistan Information Directory - UzLand.
All Rights Reserved. E-mail: info@uzland.info ёки ICQ орқали боғланинг.