![]() |
| Исми-шарифи: | Эркин Воҳидов |
| Туғилган санаси: | 1936 йил 28 декабр |
| Туғилган жойи: | Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани |
| Маълумоти: | Тошкент Давлат Университети, филология факултети |
| Иш жойи: | Олий Мажлис қўмита раиси |
| Фарзандлари: |
Нозима, шифокор, Хуршид,
иқтисодчи Моҳира, тилшунос, Фозила, шифокор |
| Турмуш ўртоғи: | Гулчехра Воҳидова, уй бекаси |
| Қўшимча маълумот: |
Ўзбекистон
халқ шоири, "Буюк хизматлари учун"
ордени, "Дўстлик" ордени ва "Ўзбекистон қаҳрамони" нишони |
Афсонавий инсон...шунақа бўларканда?
Олий Мажлис биносининг иккинчи қаватида жойлашган кабинетнинг каттагина ойналаридан Алишер Навоий номли истироҳат боғи ва собиқ "Комсомол" кўли кўринарди.
- Ижод қилиш учун ажойиб манзара...Сизга ёқдими?
Эркин аканинг жуда паст овозда гапиришларига бир ярим соатлик суҳбатдан сўнг ҳам кўника олмаганим сабаб фақат бош ирғадим.
- Ана, - дедилар ўйланиб, - шароит ҳам бор-ку, лекин қанийди шунга яраша лирик шеър ёза олсам. Вақти ўтди шекилли! Фақат фалсафий ёки ўта ҳаётий нарсалар ҳаёлга келаверади. Балки бу ёмон эмасдир?
Эркин Воҳидов номи ҳар бир ўзбекка таниш. Ҳаттоки шеър ёзмай қўйган тақдирингизда ҳам ўзбекнинг ҳаётидан Эркин Воҳидовни тортиб олиш қийин. Сизни қай бир жиҳатдан ўзбекнинг мулки деб аташ мумкиндир?
Бошқалар тўғрисида гапириш осонроқ. Одам ўзи ҳақида гапириши жудаям қийин, гарчи, майли, шунақа таърифлар бўлсаям. Кўнглингни қай бир чеккасида халқинг, юртинг учун қилган хизматларингни тасаввур қилишга ҳаракат қиласан, камтарликдан ташқари, гоҳида ички ғурур билан айтасан: менам инсон қиладиган ишни қилдим! Лекин барибир буни ошкора этиш қийин. (ўйланиб) Мен ҳалигача мақтовга ўргана олмадим. Биров мақтаса ўзимни жудаям ноқулай ҳис қиламан, доим ҳазилга буришга ҳаракат қиламан. Тўлиқ фантазиямни, сўз усталигимни ишга солиб гапни бошқа томонга буриб юбораман. Ўзи умуман шоирни ўзи билан шоирлиги ҳақида гаплашиш жуда қийин. Мен нимага 50, 60 ёшларимда юбилей қилмаганман? Сабаби тасаввур қилолмайман. Кўп қийинчиликларни кўрганман, шеърларим босилмаган пайтларида чидаганман, реал хатар бошимда бўлган пайтлари ҳам буларнинг барига чидашга ўрганганман, аммо битта нарсага мени саҳнага олиб чиқиб, мақташларига чидолмайман. Буни мен кўтаролмайман. Бу жуда қийин нарса, бунгаям бир қудрат керак деб ўйлайман, Лекин менда бу қудрат йўқ.Биласизми, халқни мулки деб қайси жиҳатдан айтиш мумкин? Қачонки турт қатор шеъри халққа маъқул бўлганда, одамлар унинг китобларини ўқиб юрадиган бўлганда, халқ шоири бўлганда, аммо уни шахсий ҳаёти бўлмаганда уни халқники деб атаймиз. Ҳаётнинг ўзи шунга мажбур қилади. Кай маънода? Ўзи ижод шундай бир нарсаки, унга ёки бутун борингни бағишлашинг керак ёки умуман шу йўлга кирмаслик керак. Шу каби ҳар кунги ҳаётинг, яшаш тарзингга айланади, халқ ҳаёти билан биргаликда халқнинг бир қисмига айланади.
Одамлар ўз ҳордиғини ҳар ким ўзича мўлжаллайди. Шоирлардан шу қадар бош олиб чиқиб кетардим деганини эшитмаганман. Бош олиб чиқиб кетган тақдирда ҳам ижоддан чиқолмайди. Яшаётган ҳаёт тарзидан ташқарига чиқиб кетолмайди. Ўзидан чиқиб кетолмагандан кейин, албатта, халқни ташвиши билан яшайди.
Ҳеч қачон қилган ишимдан кўнглим тўлган эмас, ҳамиша ёзганимдан ёзадиганим муҳимроқ ва азизроқ туюлади" деган эдингиз. Нахотки гуркираган ижод даврининг моҳир асарларини ҳам тан олмасангиз?
"
Йўқ, бу ерда бошқа нарса. Йиллар ўтиб кетса ҳам гоҳида шеърларимни ўзим ўқиб яхши сатрлар боридан хурсанд бўламан, гоҳида илҳом вақтида инсон ўзидан юқорироққа кўтарилиб кетади-да! Ҳар бир шоир ижодида бунақаси бўлади, мисол учун Пушкиннинг "Болдино"си, Навоийнинг "Хамса"си.Аммо ёзганингдан ёзадиганинг ҳамиша афзал бўлади. Ўйлаган ва фикрлаганинг азизроқ туюлади, негаки уни ҳали ёзмагансан. Мен билан бир воқеа бўлганди. Одатда ўз хотирамга ишониб, блокнот тутмайман. Бир шеър юрагимга тушгану, бошқа нарсага чалғиб кетиб ўшани йўқотдим. Ўша фикр биринчи марта келган жойга ҳам бориб келдим, уни тополмадим. Аммо "Йўқолган шеър" деган бир шеър ёздим. Ўша шеъримда йўқотган шеърни қидираман, юксак тоғларга қарасам мен ёзмоқчи бўлган шеър ҳам худди шундай юксак эди, чаманларга қарасам шунақа гўзал эди, покиза инсонларнинг қалбидай пок эди, деб қанча-қанча таърифлар бердим. Қайтанги, ёзилмаган шеърим унданам юқорироқ шеърга айланди. Барибир одам "йўқолган пичоқнинг сопи олтин" дейди.
Шеър ёзиш ўзи жудаям катта бахт. Мен шеъриятда бироз машхур бўлиб, мени кўпроқ мажлисларга чақиришиб, бирор тўйларга айтиб, катта дастурхонларда нутқ айтишга чақирадиган бўлишганда, мен "Ёш шоирларга" деган шеър ёзганман. Уларга ҳавас билан мурожаат этганман: "Ҳозир ижод билан бандсизлар, ҳали сизлар машҳур бўлганингиздан кейин шеър билан ёлғиз қолишингизга ҳеч ким қўймайди. Қаранг-ки оғиздан чиққан сўз, хизматингиз қилар машина ҳар кун, тонгда олиб кетиб мағзингиз билан, пўчоғингиз ташлаб кетар кечқурун" деган гаплари ҳам бор эди. У пайтда шу сатрни бекор ёзган эканман. Бироздан сўнг амалдор ҳам бўлдик, (кулиб қўйиб) эрталаб мағзини олиб кетиб, кечаси пўчоғини ташлаб кетадиган машина ҳам топилди. Ўша сабаб ўзимга-ўзим шоирлар доимо яхши ният қилиб ёзиш керак экан дедим. Бобурнинг сатрлари бор: "Ўлганим яхши бу янглиғ, Элликданам ўтса ёшим." Ёши элликдан ошмаслигини ёзган Бобур қирқ етти ёшида ўтган. Худди тақдирини илгаритдан ёзиб қуйгандайин.
Шу кунга қадар эришган мавқеингиз, кабинет, курси, машина ва бошқалар шоир Эркин Вохидовни қанчалар ўзгартириб юборди?
(кулади) Мени ҳеч қачон бу нарсалар ўзгартиролмайди. Шоир сифатида ҳалиям шеърлар ёзгим келади. Шеър ёзаман, лекин ҳаммасиниям эълон қилмайман. Мен кейинги вақтларда кўпроқ мақолалар ёзаяпман. Бу юрагимдаги гаплар. Мени бутун умрим, ижодим юртни мустакиллигига, озодлигига атаб ёзилган нарсалар. Шеъриятимнинг бош мавзуси ўзимизни қадриятлар ҳақида. Шундай ишлар борки...масалан менинг ишим дунё парламент вакиллари билан гаплашиб, халқаро даражага чиқиб ўзбекни камолини кўрсатиш. Одамлар дунёда қандай яшаётган бўлса, шунақа яшашимиз учун қўлдан келганча ишлар қилиш. Мени бу ерда, мана шу кабинетда ўтаётган умрим бекорга кетаяпти деёлмайман. Агарда шунақа ҳисоблаганимда, бу ерда бир кун ҳам ўтирмасдим. Ҳозир шу ишни ҳам қилиш керак. Чунки, биласизми, бизни энг "популяр" бўлган вақтларимизда халқ ниҳоятда шеъриятга берилган вақт эди. Битта шеърий китобнинг юз минг нусхада чиқиши - бундай катта тиражда ҳеч чиққан эмас. Ўша пайтлари бу рекорд натижа эди. Аммо ҳар бир даврнинг ўз хусусиятлари бор. Ҳозир шеъриятга бўлган қизиқиш умумхалқ даражасида жудаям паст. 60-70 йиллардаги даражада эмас. Агар худди ўшандай бум бўлганда, ўзим ҳам шеъриятга яна киришиб кетган бўлардим. У пайтларда китоб ўқиш, кино ва театрларга бориш, маънавий озуқа олиш эҳтиёжи кучли эди. Биласизми, битта шеър ёзсам, эртасига албатта уни акс-садосини эшитардим, ҳозир эса шеъриятдан кўра инсонларни кўпроқ қизиқтирадиган нарсалар талай. Масалан, Интернет ёки телевизор. Мени набираларим компьютер ёнидан кетмайди, унга қизиқиши ўзгача.Ҳозир яхши шоирлар чиқяпти, баъзиларини ўқиб жудаям кувонаман. Лекин 60-йилларда чиққан шоирларга ўҳшатиб бўлмас. Чўлпонни шеърлари қанақа машхур бўлган! Чўлпонга замондош бўлгану, Чўлпонни шеърларини ёд билмаганни ўзи бўлмаган. Биз адабиётга кириб келганимизда ҳам шеърият шундайин гуркирарди. Ҳозир нафақат шеъриятга, балки умуман бадиий адабиётга қизиқиш сўнгган. Балки айб ўқувчиларда эмасдир? Адабиётда ярқ этиб бир шахс пайдо бўлиши ва бутун халқни ўзига қарата олиши керак.
Сизни фикрингизча бизда дадил шоир ким?
Дадил шоир деб халқни юрагидаги гапни айтиш мумкин бўлмаган вақтда айта олганни айтамиз. Чўлпон, Қодирийлар дадил шоир бўлган. Ўз вақтида бизни замондошларимиздан Абдулла Ориф дадил шоир бўлган. Усмон Азим яхши даражада шеърлар ёзган. Муҳаммад Юсуф ҳам ўз даврининг дадил шоири бўлган. Мен бундай шоирларни кўп санашим мумкин. Айниқса биз ижод қилган 50-60 йилларда, шоир бўлиш учун жуда дадил бўлиш керак эди. Халқнинг оғзига тушиш, юрагига етиб борадиган шеърларни ёзиш учун дадил бўлиш керак эди. Айниқса миллий туйғуни етказиш учун фақат дадиллик эмас, балки хатарни ҳам бўйнига олиш керак эди. Масалан, "Ўзбегим" шеърини ёзган даврим, шу ном билан ёзишни ўзини тасаввур қилиб бўлмасди. Ёдимда, комсомол пленумида ўзбекча гапирганимда, мендан кейинги чиққанлар айтган: Мана партия бекорга қарор чиқармаган экан. Бизни ичимиздаям феодал ўтмишга тортадиган, эскича фикр юритадиган, миллатчилик кайфиятида юрган ёшларимиз йўқ эмас. Ўша вақтда ўзбек ўзбекча гапирадиган эмасди.
Айтишларича илк бора чоп этилган "Ўзбегим"нинг қай бир тўртликлари олиб ташланган экан...
Ҳа, бўлган. Масалан "Ёшлик девони" китоби биринчи нашрдан чиққанида: "Сен на зарду, сен на буддий, Сенга на оташ санам. Одамийлик дини бирла, тоза имон ўзбегим", деган сатрлар олиб ташланган. Сабаби - бу ерда мусулмонлик динини улуғлаш деб тушунилган. У пайтда китобни чиқариб олиш қийин бўларди. Биринчи чиққандан кейин эса бўлди, "лит" шунга қўл қўйди деб кейинги нашрларга қўшиб юборганмиз.Аммо шундай тўртлик бўлганки, уни кейин ҳам қўшолмадим. Яъни:"Оқ эдим бирлан ёйиқдаги ёйиқ яйлов сени. Тақдирим кифтига ботган, дарди карвон ўзбегим." Қадимда Урал дарёси, Волга бўйларида қадимги ўзбекларнинг ери бўлган. Энди буни ҳозир ҳам ҳаттоки чиқаролмайман. (кулимсираб) Чунки буни Ўзбекистон Россия ҳудудига даъво қиляпти деб ўйлашлари мумкин. Агарда шу ерда ишламаганимда, чиқариб юбораверардим. Аммо Олий Мажлисни қонун чиқарувчи органида ишлаб, Россия ерларига даъво қиляпти деган гап бўлиши мумкин.
Бир вақтлар ижодингизни бошланғич палласида Сизга Абдулла Каҳҳор қўнғироқ қилиб ўз асарларига эпиграф ёзиб беришни сўраган эканлар. Ҳозир Сиз Эркин Воҳидов бўлиб танилган катта шоирсиз. Айтингчи, ижодни энди бошлаётган бирор шоирга Абдулла Каҳҳордайин муомала қилишни ҳозир ўзингизга эп кўрармидингиз?
Абдулла Каҳҳорни айни менга мурожаат қилишига сабаб бўлган. Сабаби менинг ўша вақтда бир-иккита шеърларим матбуотда эълон қилинганди ва орасида "Фузулий ҳайкали қочди" шеърим жудаям тўполон бўлган. Бакуга борганимда мен йиғлаб турган Фузулийни шеърларини келтириб ёзгандим. Ўшанда Ёзувчилар уюшмасида танқид қилишганди: "Бу нефтчилар шаҳрига бориб, Совет индустриясини мадҳ этиш ўрнига, йиғлаб турган шоир тўғрисида ёзибди" дейишган. Комсомол, партия пленумларида танқид қилишди мени, ёш болани ҳали шеъриятга кириб келмасимдан тоза дўппослашган. Шундай вазиятда ёш йигитларни руҳи чўкиб "ёзмасам қутуламанми" дея, ёзмай қўя қолади. Мана шундай оғир бир вақтда Абдулла Каҳҳордайин буюк бир инсон қўллаб-қувватлаши муҳим эди. Албатта бу нарса адабиёт оламида шов-шув бўлиб қолди. Бу воқеа ҳаётимни жуда ўзгартирди.
Ўшанда Абдулла Каҳҳор ўз асарига мени ва Абдулла Ориповни шеърларини олиши бу келажакни кўра билишидан экан. Буларнинг келажаги бор, булар дадил шоирлар деган сўзлари эса бу шунчаки сўзлар эмасди - ўша вақт учун бу жасорат бўлган.
Эркин Воҳидов қаерда ишлашидан ва нима билан шуғулланишидан қатъий назар қалбан шоирлигича қолаверади. Агар вақтингизнинг бари фақат шоирликка бағишланганда, инсонларга кўпроқ фойда келтирган бўлмасмидингиз?
Балким (кулимсираб). Шунақа бўларди деб ўйлайман. Ҳар қалай инсондан қоладигани шу. Мен бунга ҳеч қандай шубҳа қилмайман. Лекин ҳар бир фаслнинг ўз ҳислати бор: баҳор, ёз, куз, қишнинг ўз ҳислати мавжуд. Инсон умрини бир фаслида юрагидаги бир жиҳатни кўрсатса, умрни бошқа фаслида бошқа қиррасини кўрсатади. Бахор доимо давом этмайди. Умрни фасллари бирин-кетинлик билан алмашади. Мен нимагадир ўйлайманки, шеър - ёшлигим меваси. Ойбек ҳам яхши шоир бўлган, Лекин маълум бир ёшга етгандан кейин шеър ёзган эмас. Ёшлигида шоир бўлиб Мирзо Бобур ҳам ҳаёт тажрибасига эга бўлиб шеърни камроқ ёзиб (мана "Бобурнома" рўпарамда турибди, ана шу китобни жудаям яхши кўраман), "Бобурнома"сини ёзган. Навоий ҳам "Хамса"ни умриларининг етук палласида ёзганлар. Бу лирик жанр эмас. Лирика барибир ҳаётнинг маълум даврида, ёшликда ёзилиши мумкин.
Демак, шеърнинг мавзуси мавсумий бўлар эканда?
Ҳа, албатта. Мен ҳозир шеър ёзсам бошқача мавзуда ёзардим. Нима ҳақида? Ўз-ўзидан кўриб турган, халқ орасида юриб уларнинг дардини билган ҳолда ўша ҳақида ёзардим.Мен бутун умр кутган Мустақиллик одамларга бирданига фаровонлик келтирмади. Мен ўзим ўйлаган нарса шундоқ эдики: бизни шунча олтинимиз, пахтамиз, тилламиз ва пилламиз бор. Ўзбекистондай юрт йўқ! Агарда Ўзбекистонни неъмати ўзиники бўлса, ўзбек халқидан бою-бадавлат халқ бу дунёда бўлмаса керак, деган фикрга жуда қатъий ишонч билан яшаганман. Аммо мустақилликдан кейин мана ўн тўрт йил ўтдики, ўша Иттифоқ давридаги яшаш даражасига ҳали етиб борганимиз йўқ. Жуда кўп жиҳатдан: ишлаб чиқариш, ҳаёт тарзи, мактаблар ҳолати, китоб ўқиш даражаси ҳам.
(ўкинч билан) Жуда кўп нарсалар юракни тўла изтиробга солади. Шу изтироб албатта қоғозга тушади. Лекин буни қаламга туширишдан аввал ўйлайман, бармоқни қай бирини тишлама оғрийди. Бу қийинчиликлар фақат Ўзбекистонда бўлганида, демакки бошқара олмаяпмиз, дер эдим. Собик Совет Иттифоқининг давлатларига бораман. Бунданам ҳароброқ юртларни кўраман. Умуман, яхлит бир мамлакатнинг бўлиниши, ундан кейин бир тузумдан умуман бошқа тузумга ўтиш осонлик билан кечмас экан, Лекин барибир, умидларим бор. Худо ҳоҳласа бу қийинчиликлардан ўтиб кетамиз. Яхши кунлар келади. Бўлмаслиги мумкин эмас! Чунки бунақа заминда, бунақа қуёшли ерда, бунақа халқ шундоқлигича қолиб кетиши ҳечам мумкин эмас!
Яна фаслларга кайтсак. ҳаётингизнинг қай бир фаслида қандай адабиётни мутолаа қилишни ёқтиргансиз?
Мен китобни танлаб ўтирмайман. Ўзи жудаям кўп китобларни ўқиганман ва қизиқиш доирам жудаям кенг. Бир йўналиш билан чегараланиб қолмайман. Тарихга жудаям қизиқаман, санъат билан боғлиқ китоблар, ҳозир эса қайси мамлакатларга бормай ўша мамлакатнинг манзараси туширилган китобларни оламан. Айниқса фото санъати мен учун жуда қизиқ бўлиб қолди. Ҳозир кўз олдимда бир фото: қуёш ботяпти ва ўша қуёш ботадиган гардишига бир дарахт туширилган, унга эса мингга яқин чуғурчуғ қўниб турган. Шу ботаётган қуёш нурида ҳалиги чуғурчуғларнинг ҳар биттаси биттадан характер билан тушган. Ажойиб! Мен маълум бир вақтда ўша фотолар китобига қараб, ҳалигинга термулиб тураман, завқланаман!Москвага борганимда эса Третьяковкага, Планетарийга кириб томоша қилишни яхши кўраман. Кейинги вақтда эса ҳаётимда керак бўлгани учун инглиз тилини ўрганяпман.
Менга гўзалликнинг ҳамма шакли қизиқ. Лекин ҳаммасидан инсон гўзаллигини яхши кўраман.Русча термин бор: "Жизнь протекла мимо". Одам дунёда яшайди, шу гўзалликларга эътибор қилмайди, шундай ўқилмаган китоблар дунёда қолиб кетади. Инсон дунёга келиб, келмагандай бўлиб ўтиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳаётнинг маъносини англаш даркор. Бу - баҳрамандлик. Худои Таоло инсон учун шу дунёни яратган. Ва бундан баҳраманд бўлмоқ бу инсонни фарзи, бу ҳам ибодатга киради. Дунёни яратиш - инсон учун экан, инсонни яратишдан мақсад эса - пайғамбарларни яратиш учун экан, бу мурод. Шеърият эса мана шу баҳрамандликнинг мингдан, балки миллиондан бир қисми. Ўшанинг учун шоирлар бундан баҳраманд бўлмоғи керак. Ва бошқаларни ҳам баҳраманд бўлишга чорлаши керак.
![]()
Назира Иноятова
Бош саҳифа | E-Mail | Янгиликларга обуна | Қидирув | Юлдузларимиз муҳокамаси | Аналитик мақолалар
UzLand саҳифасидан материалларни ишлатиш ёки кўчириб олиш учун махсус рухсат олишингиз керак.
Copyrights © 1998-2005 UzLand. Uzbekistan Information Directory - UzLand.
All Rights Reserved. E-mail: info@uzland.info ёки ICQ орқали боғланинг.