АБДУЛАЗИЗ КАРИМ

Исми-шарифи: Абдулазиз Карим
Туғилган санаси: 1973 йил 23 ноябр
Туғилган жойи: Тошкент шаҳри
Маълумоти: Тошкент давлат консерваториясининг бастакорлик бўлими
Турмуш ўртоғи: Гўзал Каримова, уй бекаси
Фарзанди: Ҳанифа, 3 еш
Қўшимча маълумот: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

Бир неча йил муқаддам бу инсон билан танишганимда, бехосдан айтган илк сўзларим: Сизни "Курбон бўламан" қўшиғингизни севиб қолдим. Чинданам, бу қўшиққа маҳлиёлар сон-саноқсиз эди. Ҳаттоки ҳамкасблар ва оддий халқ орасида уни Абдулазиз эмас, балки Курбон бўламан деб чақиришарди. Қўшиқнинг қизиқарли жиҳатлари - мумтоз шеърият намоёндаси Хофиз Шеърозийнинг асарига икки мусиқий йўналишдаги - классика ва хип-хопдан куй басталанган. Ғалати, шундай эмасми?

Бу инсонни ўзи ҳам ғалати. Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан аксарият ҳолларда қўрс ва қўпол муомалада бўлгани учун уни одамови дейишади.

Аслида у қандай эканлигини кўпчилик билмайди, билишни ҳам ҳожати бормикан? Ахир қўшиқчининг феъли, ҳолати, юзи, кайфияти қўшиқларининг ўзида-ку!

Ҳаётда қадр-қиммати бўлган энг муҳим нарса Сиз учун нима?

Вақт ўтган сайин, аввалари қадрига етмаган оддий-оддий нарсаларни азизлай бошларкансан. Ҳозир мен учун қадрли ва қимматли нарса нима? Албатта, менинг оилам, менга кўп меҳнати синган ота ва онам, маънан яқин бўлган инсонлар.

Яна бир нарса мен учун жуда азиз бу болалик хотираларим. Менинг болалигим қизиқарли воқеаларга жуда бой бўлган. Оилада иккита фарзандмиз. Мен ва синглим Нозимахон. Уни ҳазиллашиб Нози-Кози деб чақирардим. Умуман, болалигимда жуда шўх бўлганман ва, табиийки, турли ишкалларни чиқариб турардим. Ота-онам доимо иш билан банд одамлар эди ва биз, 4-5 яшарлик ака-сингил, икковлашиб, турли найрангларни ўйлаб чиқарардик. Масалан, зерикмаслик учун ўтган-кетганларга картошка-пиёзларни отардик-у, беркинардик.

Эсимда, Нози гап пойлашни жудаям ёқтирарди. Бир куни эшикнинг нариги томонидан қулоқ тутиб турганини пайқаб қолдим ва секин, билдирмасдан эшик тепасига дадамнинг шиппагини илиб қўйдим. Синглим бечора, азбаройи гапни пойлашга киришиб кетиб, эшикни сал қия очаман деганди, шиппак накд қўлидаги сариёғли нонга бориб тушган.

Имконият бўлса, тасаввурингизни ишга солиб, сиз Абдулазиз Каримнинг энг яқин ва қадрдон дўсти эканлигингизни кўз олдингизга келтирсангиз, дўстингизга қандай таъриф бера оласиз?

Аксарият ҳолларда бу инсон ҳақида нотўғри тушунча туғилади. Бу инсон мағрур, ҳаттоки қўпол деб ўйлашади. Гапимга ишонаверинг, у ўта кўнгилчан инсон.

Кўплар буни билмайди, аммо яқинлари билишади-ки, унинг жону-дили аския ва латифалар. Ўйин-кулгини жудаям ёқтиради, аммо кўпчилик орасида ҳандон отиб кулишга ийманади. Ўқишни у қадар ёқтирмайди, чунки диққат-эътиборини бир жойга жамлаши қийин. Бир вақтнинг ўзида бир нечта ишни бажаришга ошиқади. Балки шунинг учун болалигида шахмат, каратэ, форс тили, араб тили ва бошқа нарсаларга қизиққан. Одатда бирор нарсага тез қизиқиб, жуда тез совийди. Ҳаттоки, актёрликка жудаям қизиққани сабабли, "Ўсарфильм" даги актёрлар танловига борганди.

Яна бир нарса. Бу инсон мазали ва бақувват таомларни ёқтиради. Ахир таомни истеъмол қилиш ҳам - бир санъат ва бу санъатни у мукаммал ўзлаштириб олган. Дам олиш вақти топилди дегунча, томошабин ўрнини эгаллаб, фильм томоша қилишни яхши кўради. Дарвоқе, қизиққонлик борасида: агар бирор ерда катта-катта томошалар ёки уруш-жанжаллар бўлаётган бўлса, уларни иштаҳа билан кузатишни ёқтиради.

Екимли нарсалар ҳақида гап кетар экан, саёҳатларни жуда ёқтиришингизни таъкидлаган эдингиз. Сизда дуненинг истаган бурчагида яшаш имкони туғилганда, кай бир жойни танлаган бўлардингиз?

Хориж сафарларига чиқмасимдан аввал, қанийди у ерга борсам, қанийди мана бу ерда яшасам дердим. Шукр, қизиқарли сафарларда бўлиш насиб этди. Англия, Туркия, Франция, Германия каби давлатларни кўрдим ва ўйлайманки, бошқа жойларга ҳам бориш, у ерларни кўриш насиб этади.

Шуни тушундимки, яшаш учун фақатгина Ўзбекистонни танлаган бўлардим. Ўзбекона турмуш тарзи, ўзбекона урф-одатлар, буларнинг бари қон-қонимизга сингиб кетган. Киндик қони тўкилган заминдан ўзга жойни танлаш ҳозир мен учун эриш туюлади.

Ижодий фаолиятингиз бошида мумтоз шеъриятга мурожаат этганингиз сабабли, аксарият тингловчиларнинг ҳурмати Сизга юқори эди. Сўнгги вақтдаги қўшиқларингиз мавзуси бироз соддалашганини тан оласизми?

Йўқ, буни соддалашган дея олмайман. Бор-йўғи ёшларга мосроқ, уларга тушунарлироқ, дилларига яқинроқ сўзларни излаб топишга ҳаракат қиляпман. Сўзлардан келиб чиқган ҳолда, албатта, мусиқа ҳам енгиллашади.

Дарвоқе, яқин дўстларим ва ижодий ҳамкорларимнинг даъвати, уларнинг панду-насиҳатлари, ўгитлари ва маслаҳатлари учун рахмат демоқчиман. Чунки айнан улар сабабли ҳозирги йўналишимни топдим. Бу йўналиш ўзимнинг феълимга ҳам жуда мос тушган. Шахсан ўзим ўзгаришларни тез қабул қиламан ва ортда колган нарсага ҳеч ёпишиб қолмайман. Менимча, ёшларимизга ёқмаяпти деб бўлмайди.

Орзуингиздаги мусиқани ёзиб бўлдингизми ёки ҳали ҳаммаси олдинда эканига ишонгим келади. Ижодкор ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмаслиги кераклигини доимо ёдда тутаман. Дарвоқе, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини бериш ҳақидаги қарор менга шундай катта илҳом ва куч бағишлади-ки, буни таърифлаш жуда мушкул. Гуёки, ўзимга бўлган ишонч юз карра ошди.

Очиғини айтганда, ҳар бир санъаткор учун нафақат ижодий туртки, балки илоҳий куч ҳам керакдир. Айтишади-ю "ижод мисоли руёдаги пари. Гоҳо қувонтиради, гоҳида зорлантиради. Шу сабаб, мен нафақат унга, балки ўзимга ҳам суянишим керак.

Ҳаёт бу театр ва ундаги инсонлар - актёрлар деган эди Шекспир. Сиз ҳаётда рол ўйнайсизми?

Тўғри, ҳаётнинг каттагина саҳнага ўҳшаб кетадиган томонлари бор. Аммо бу саҳнада нафақат актёрлар, балки актрисалар ҳам бор. Эркакларга нисбатан аёллар ҳаёт дея аталмиш спектаклда ўз ролларини жуда маҳоратли ўйнашади. Гоҳида тушунолмайсан, усталик билан роль ўйнаяптими ёки чиндан ҳам шундай ҳолатдами?

Бўлса-бордир, гоҳи-гоҳида мен ҳам актёрлик қиламан, ёқимсиз шахслар, тутуруқсиз инсонлар билан сан-манга бориб қолмаслик учун муомала қилишга мажбурсан. Аммо бир хил инсонлар бор, мен ҳеч ҳам рол ўйнамайман дегани билан қайсидир ҳолатда, қандайдир вазиятда уни бажариши керак бўлади, аммо буни фақат ўзи билади ҳолос.

Кино соҳаси Сиз учун бироз бегона, шунга қарамай, кинофилмлардан парчаларни усталик билан ифодалаб беришингиз ҳеч гап эмас. Агар кинода бирор-бир сиймони яратиш имкони туғилганда, қай бир инсон образини экранга олиб чиққан бўлардингиз?

Юқорида таъкидлаб ўтганимдай, кино менинг жону-дилим. Мел Гибсон ўйнаган "Ватанпарвар" филми, "Давлат чегараси" деган филм. Уруш ҳақидаги филмларни, тарихий лавҳаларга бой картиналар кўришни ёқтираман. Шу каби филмларни томоша қилаетганимда, гуёки ўзим бош қаҳрамон бўлиб, ролга ич-ичимдан киришиб кетаман. Болалигимдан Чапаев, Робин Гуд, Чингачгук ўрнида бўлиб қолишни орзу қилардим. Қизиғи, фильмларга қараб, келажакдаги касбим ҳақидаги орзу-умидлар ҳам ўзгараверарди. Бир қарасанг разведкачи, яна бошқа сафар учувчи-қирувчи, кейин эса фазогир ёки танкчи бўлишни истар эдим. Қизиғи, мусиқачи бўлишни умуман ҳаёлимга келтирмаганман. Ҳаттоки, болалигимда мусиқа билан шуғулланишни ёқтирмасдим. Аммо отамнинг иродаси ва қаттиққўллиги сабабли, уларнинг ҳоҳиш-истакларини бажо келтириш учун мусиқачи бўлиш пешонада бор экан.

Овозингизни ҳар хил оҳангда ўзгартириб гапириш қобилияти Сизда кучли экан. Бу қобилиятни ишлатган ҳолатлар ҳақида сўзлаб берсангиз.

Бу иштиек, уни қизиқиш деймизми, яна ўша кинофильмлар сабабли пайдо бўлган. "Шум бола", "Чинор остидаги дуэл", "Маҳаллада дув-дув гап", "Келинлар кўзғолони", "Афоня", "Операция-Ы", "Кавказ асираси" каби филмлардан қизиқарли диалогларни ёддан биламан. Кези келганда, яқин инсонлар даврасида ана шу лавҳаларни ёдга олишим мумкин. Роса кулишади!

Баъзида билиб-билмасдан яқин инсонларимнинг дилини хира қилиб куйсам, мана шу йўл билан уларнинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қиламан.

Консерваторияда ўқиб юрган талабалик олтин даврларимда эса битта қизиқ воқеа содир бўлган. Ҳар бир талаба каби мен ҳам айрим дарсларни қолдирардим. Шу сабабли бир куни уйимизга домлам қўнғироқ қилиб қолди. Отамни яхши танийдиган ўқитувчим менинг тарбиям бўйича фикр билдирмоқчи экан. Телефон гўшагини кўтариб, домла овозини таниганимдан сўнг, "ҳозир дадамни чақираман" деди-ю, бир неча сониялардан сўнг дадамнинг овози билан "эшитаман" дедим. Ҳеч нарсадан хабари йўқ домла қуюққина ҳол-аҳвол сўраб, ўзим тўғримда ўзимга гапира кетди. Ўшанда ўзим ҳақимда роса суҳбатлашганман ва албатта уғлим билан гаплашиб қўйишни айтганман. Домла ҳеч нарсани сезмаган. Афсус, ушбу суҳбатдан отам бебаҳра колганлар.    

Ҳаётингиздан, турмуш тарзингиздан ва ижодий фаолиятингиздан мамнун инсонга ўхшайсиз. "Армоним бор" деган сўзларни Сизга нисбатан ишлатса бўладими?

Албатта йўқ! Ҳеч нарсадан армоним йўқ. Қандайдир етишмовчилик ва камчиликлар эса доимо бўлади, ахир беш қўл баравар эмас-ку. Яратганнинг кўрсатган куни, берган нозу-неъматлари учун Яратганга шукр қиламан. Эл назарига тушиб, унинг ёқимтойи бўлиш ҳаммагаям насиб этавермайди.    

Абдулазиз Каримга берилган саволларга жавоблар

Nilufar - Yangi albomingiz nomi va qachon olam yuzini ko'radi?

Жавоб - Кўзларга яқин Pan Terra овоз ёзиш студиясида ёзилган албом сотувга чиқарилади. Албомга "Алам", "Изларман", "Чиройлисан" ва бошқа қўшиқлар киради. Номига келсак, у ҳали маълум эмас. Агар таклифлар бўлса, марҳамат!

                    

Назира Иноятова


Бош саҳифа   |    E-Mail   |    Янгиликларга обуна   |    Қидирув   |    Юлдузларимиз муҳокамаси   |    Аналитик мақолалар

UzLand саҳифасидан материалларни ишлатиш ёки кўчириб олиш учун махсус рухсат олишингиз керак.
Copyrights © 1998-2005 UzLand. Uzbekistan Information Directory - UzLand.
All Rights Reserved. E-mail: info@uzland.info ёки ICQ орқали боғланинг.